| Тошкент, Ўзбекистон

Air Products “Ўзбекнефтгаз”нинг Ўзбекистондаги газни суюлтирилган ёқилғига қайта ишлаш бўйича илғор заводидаги саноат газ комплексини 1 миллиард АҚШ долларига сотиб олиб, унга эгалик ва эксплуатация қилиш ниятида

ОАВ учун контактлар

2023 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Air Products компанияси (NYSE:APD) ва «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Қашқадарё вилоятидаги табиий газни синтетик газга қайта ишловчи заводни сотиб олиш, унга эгалик ва эксплуатация қилиш тўғрисидаги инвестицион битим имзоланганини эълон қилди. Лойиҳага йўналтириладиган инвестициялар ҳажми 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.  

Табиий газни синтетик газга қайта ишлаш саноат комплекси  «Ўзбекнефтгаз» АЖ давлат энергетика компаниясининг суюлтирилган синтетик ёқилғи (GTL) ишлаб чиқарувчи қиймати бир неча миллиард долларга тенг бўлган заводи таркибига киради. GTL заводи дунёда шу турдаги корхоналар орасида энг илғорларидан бири ҳисобланиб, унда йилига 1,5 млн. тонна юқори қўшимча қийматли синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Завод маҳсулоти ички истеъмол учун йўналтирилиб, истиқболда уни экспортга чиқариш ҳам мўлжалланган.  

Эслатиб ўтиш даркор, 2022 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Uzbekistan GTL суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш комплекси ишга туширилди. Мазкур комплекс дунёдаги бешинчи завод бўлиб, бунгача бу каби йирик комплекслар Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда қурилган, холос.  

Air Productsнинг фаолиятни объектнинг ўзида амалга оширишга асосланган бизнес-моделига тўлиқ мос келадиган Харид қилиш тўғрисидаги битимга биноан, компания Uzbekistan GTL комплексидаги табиий газни синтетик газга қайта ишлайдиган учта йирик объектга эгалик қилади ва уларнинг эксплуатациясини амалга оширади. Компания «Ўзбекнефтгаз» АЖ га кислород, азот, водород ва синтез-газ каби маҳсулотларни етказиб беради. Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ табиий газ етказиб беради ва коммунал хизматларни кўрсатади ҳамда барча ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотиш билан шуғулланади. 

Битимни шарҳлаб, Air Products раиси, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми шундай деди: “Air Products ўз билим, тажриба ва технологияларини дунё мамлакатларига уларнинг бой энергия манбаларидан табиат учун безарар тарзда максимал даражада фойдаланиш ва наф кўриш учун тақдим этаётганидан ғурурланади. Давлат томонидан самарали тарзда қўллаб-қувватланаётган иқтисодиёти жадал суръатда ўсиб бораётган Ўзбекистондаги мазкур стратегик харид доирасида биз ўз синфида энг мукаммал саналган операцион ва логистика соҳаларидаги малакаларимизни ишга соламиз. Бу орқали «Ўзбекнефтгаз» АЖ юқори даражадаги тозаликка эга бўлган арзон ёқилғи ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, мамлакат ўзининг энергетика ва ижтимоий соҳаларда ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлади.  Биз мазкур узоқ муддатли ва барқарор шериклик ривожланишини интиқлик билан кутамиз ва Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё минтақасида очилаётган янги имкониятлардан мамнунмиз”.  

 «Uzbekistan GTL заводи билан Air Products ўртасидаги ҳамкорлик катта аҳамиятга эга, негаки у Ўзбекистон Республикаси энергетика тармоғининг улкан салоҳиятини очиб бериш имкониятини тақдим этадиган шериклик, - дейди «Ўзбекнефтгаз» АЖ  бошқаруви раиси Сидиков Баходиржон Бахромович. - «Ўзбекнефтгаз»нинг  табиий газни юқори қўшимча қийматли маҳсулотларга қайта ишлаш ва Air Productsнинг мега лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда биз ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот якуний таннархини тушириш ва зарарли ташланмаларни камайтириш кабилардан иборат бўлган умумий мақсадларга эришиш йўлидаги ҳамкорликни бошламоқдамиз. Биз компаниямиз ва умуман мамлакатимизга фойда олиб келадиган мазкур ҳамкорликка катта  умид билан боқмоқдамиз”.  


Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар тўғрисида  
Бугун Ўзбекистон инвестициялар учун жозибадор йўналиш ҳисобланиб, бу - мамлакатнинг катта ҳажмдаги турфа хил табиий ресурслари, шунингдек, унинг табиий газ, олтин, мис ва кўплаб бошқа маҳсулотларнинг дунёдаги йирик ишлаб чиқарувчиси / экспортчиси сифатидаги мақоми билан ҳам боғлиқ. Мамлакат ривожланиш соҳасидаги кенг кўламли режалар ва стратегик давлат дастурларига эга бўлиб, улар энергетика тармоғининг ривожланишига кўмаклашиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга туртки беришга қаратилган. Ўзбекистонга киритилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ортиб, мамлакат Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилда Ўзбекистонда 16 000 га яқин хорижий корхона фаолият юритган ва 1000 дан зиёд лойиҳа доирасида молиявий инвестицияларни ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Кенг кўламли лойиҳалар муваффақиятли тарзда амалга оширилган.  

Uzbekistan GTL лойиҳаси доирасида Air Products, юқори даражадаги ишончлилик ва самарани таъминлаш мақсадида, ўзининг молиявий имкониятлари, асосий технологик ва  эксплуатация ноу-хаулари ҳамда газни жойида сотиш моделини ишга солади. Ўзбекистондаги иқтисодий ва саноат ўсиши жараёни давом этаётган бир пайтда, Air Products мамлакатнинг бой табиий ресурсларини сафарбар этиш орқали унинг барқарор ривожланиш ва мустақилликни мустаҳкамлаш борасидаги мақсадларини қўллаб-қувватлашнинг имкониятларини ўрганишда давом этади.  

«Ўзбекнефтгаз» АЖ  тўғрисида
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти – нефть ва газни қазиб олиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланадиган компания. «Ўзбекнефтгаз» АЖ   - Ўзбекистондаги энг йирик давлат компанияси. Табиий газ қазиб олиш бўйича мамлакат дунёда 11-ўринни эгаллайди. “Ўзбекнефтгаз” мамлакатдаги энг йирик газ қазиб олувчи бўлиб, 2021 йилда унинг ҳиссасига Ўзбекистонда қазиб олинган 54 млрд. куб метр газнинг 64% га яқини тўғри келган.   

Нефть ва газ тармоғининг фаолияти нефть-газ соҳасидаги амалиётларнинг бутун занжирини қамраб олиб, жумладан, углеводородларни бурғилаш ва қазиб олишдан, уларни қайта ишлаш, нефть ва газ маҳсулотлари ҳамда кимё саноати асбоб-ускуналарини ишлаб чиқиш, шунингдек, истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан таъминлашгача бўлган жараённи қамраб олади. 

Air Products компанияси тўғрисида 
Air Products (NYSE:APD) — саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компания бўлиб, ўз фаолиятини 80 йилдан кўпроқ вақт мобайнида амалга ошириб келмоқда. Компания фаолияти энергетика ва экология соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда ўсиб келаётган бозорларга хизмат кўрсатишга қаратилган. Компания экологик барқарорликка асосланган ўсишнинг иккита устунига эга. Air Products асосий саноат газлари, тегишли асбоб-ускуналар ҳамда нефтни қайта ишлаш, кимё, металлургия, электроника, қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноати каби тармоқларда фаолият юритадиган ўнлаб мижозлар учун ечимларни етказиб беради. Шунингдек, компания дунёда саноат гази ва углеродни ушлаб қолиш соҳаларида амалга оширилаётган айрим энг йирик лойиҳаларни ишлаб чиқаради, қуради, эгалик қилади ва бошқаради. Улар доирасида компания глобал транспорт ва саноат бозорлари ҳамда тоза энергияга ўтиш билан боғлиқ бўлган кенг кўламли лойиҳалар учун дунё миқёсида тоза водород етказиб беради. Бундан ташқари, Air Products суюлтирилган газ ишлаб чиқариш учун мўлжалланган технология ва асбоб-ускуналар таъминоти бўйича дунёдаги етакчи компания ҳисобланиб, дунё бўйлаб турбомашиналар, мембранали тизимлар ҳамда криоген контейнерларни етказиб беради.  

2022 молия йилида компаниянинг 50 дан зиёд мамлакатдаги савдо ҳажми 12,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, унинг жорий бозор капитализацияси эса 60 млрд. АҚШ доллари атрофида. Аҳолининг турли қатламларидан бўлган 21 000 дан зиёд иқтидорли ва ўз ишига содиқ ходимлар Air Products нинг олий мақсади – атроф-муҳитга фойда келтирадиган,  барқарор ривожланиш мақсадида ишлайдиган, мижозлар, ҳамжамиятлар ва дунё қаршисида турган вазифаларни ечиш имкониятларини қайта идрок этиш имконини берадиган инновацион ечимларни яратиш йўлида тинмай меҳнат қилади.   Қўшимча маълумот учун www.airproducts.uz  сайтига ташриф буюринг ёки бизнинг LinkedIn, Twitter, Facebook ва Instagram даги саҳифаларимизга обуна бўлинг.  

Air Products нинг прогноз баёнотлари тўғрисидаги огоҳлантириши: Мазкур хабарда Хусусий қимматбаҳо қоғозлар тўғрисидаги суд жараёнларини ислоҳ қилиш тўғрисидаги 1995 йилги Қонунда кўзда тутилган ҳимоя қоидалари доирасидаги “прогноз баёнотлар” келтирилган. Бу прогноз баёнотлар раҳбариятнинг мазкур хабар эълон қилинган санадаги кутилма ва фаразларига асосланган бўлиб, келажакда бу натижаларга эришилишининг кафолати ҳисобланмайди. Гарчи прогноз баёнотлар виждонан қилиниб, раҳбарият айни пайтда мавжуд маълумотларга кўра оқилона деб билган фараз, кутилма ва прогнозларга асосланса-да, фаолиятнинг амалдаги натижалари ва молиявий кўрсаткичлар прогноз баёнотларда айтиб ўтилган прогноз ва баҳолашлардан жиддий фарқланиши мумкин. Бу турли омиллар, шу жумладан, бизнинг 2022 йил 30 сентябрь куни якунланган молиявий йил учун 10-К шакл асосида тайёрлаган йиллик ҳисоботимизда таърифланган хатар омиллари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, биз мазкур ҳужжатда келтирилган ҳар қандай прогноз баёнотларни улар асосланган ҳар қандай тахмин, ишонч ёки кутилма ёки воқеа, шарт ёки шароитлардаги ҳар қандай ўзгаришларни акс эттириш учун янгилаш ёки қайта қўриб чиқиш мажбуриятини қабул қилишни рад этамиз.